chilonzor.tashkent.uz Chilonzor.Tashkent.Uz - Йўл Қурмоқ – Савоб, Йўл Юрмоқ – Роҳат
Фотогалерея
Видеогалерея
Йўл қурмоқ – савоб, йўл юрмоқ – роҳат

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ҳаётимизда юз берган оламшумул ўзгаришларни узоғимизни яқин қиладиган транспорт воситаларию равон йўллар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Эндиликда учқур поезду автомобилларда манзилга бирпасда етиб олиш, наинки юртимиз шаҳарлари, балки узоқ хориж ўлкаларига ҳам бориб-келиш одатий ҳолга айланди. Шуларни ўйлар эканмиз, беихтиёр яқин ўтмиш кўз олдимизда гавдаланади. Бундан чорак аср муқаддам сафар халтани орқалаганча вокзалларда, автостанцияларда уззукун улов кутган, «йўл азоби – гўр азоби» дея ўз-ўзига тасалли берган йўловчилар сизу биз эмасмидик?! 
 

Олтин кўприк
 

Асрлар мобайнида Шарқ ва Ғарб ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни таъминлаб келган Буюк ипак йўлида Ўзбекистоннинг тутган ўрни тарихий солномаларда қайд этилган. Бугун дунё иқтисодиётидаги глобал ўзгаришлар, хусусан, жаҳон бозорларига товарларни етказиб беришда янги йўналишларнинг пайдо бўлиши натижасида Буюк ипак йўли анъаналари қайта тикланар экан, Ўзбекистон нафақат Шарқ ва Ғарб, балки Шимол ва Жанубни ҳам боғлайдиган «олтин кўприк»ка айланди. 

Мамлакатимизда йигирмата халқаро транспорт йўналиши мавжуд бўлиб, улар орасида “Е-40” ва “Е-60” халқаро автомобиль йўллари Ғарбий Европа мамлакатларини Шарқий Осиё давлатлари билан боғлашда стратегик аҳамиятга эга автомобиль йўллари ҳисобланади. 

Айни чоғда қурилиши жадал давом этаётган Ўзбек миллий магистрали ҳам катта халқаро аҳамиятга эга. Қўнғирот орқали Россия ва Шарқий Европа мамлакатларига бориш учун яқин ва қулай йўлга миллий магистрал шарқда Ўш-Қашқар автойўли билан боғланиб, Хитойда Буюк ипак йўли бўйлаб қурилаётган тезюрар автомобиль йўлига туташади. Ғарб ва жанубда Ҳинд ярим ороли, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ, Ғарбий Европа мамлакатларини боғлаб турувчи мавжуд йўллар ҳамда келажакда қурилажак йўллар билан боғланади. 

Автомобиль йўлларининг маҳаллий аҳамияти ҳам салмоқли ўрин тутади. 

Миллий иқтисодиётнинг жадал ривожланиши туфайли автомобиль йўлларига бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Маълумотларга кўра, иқтисодий ўсиш йилига 8 фоизни ташкил этган тақдирда автомобиль транспорти орқали юк ташиш ҳажми йилига 9,4 фоизга ошиб боради. Натижада автомобиль йўллари орқали ташиладиган юклар 2030 йилга бориб 4,6 маротаба ошади. 
 

Равон йўллар


Маҳалламиздаги Зиёвуддин ака Бухорога бориб келиб, йўл тассуротлари ҳақида сўзлаб берди: 

– “Матиз”да отланаётганимни эшитиб, баъзи танишларим “Йўл узоқ, қийналмайсизми?” деди. Лекин сафар давомида йўлларимизнинг равонлигини кўриб, ҳавасим ортди. Йўлни қўятуринг, йўл четларидаги белгилар тартиб билан ўрнатилгани, автомобилга ёнилғи қуйиш, дам олиш, овқатланиш учун шароитлар яхшиланиб бораётганини кўриб қувончим ичимга сиғмади. Бугунги йўлларимизни кўриб, одамнинг ҳар куни сафарга чиққиси, истиқлол шарофати билан кун сайин чирой очиб бораётган шаҳарларимизни зиёрат қилгиси келади. 

12c.jpg 
Дарҳақиқат, кенг ва равон йўллар юртимизда йўлсозлик тобора ривожланаётгани, йўл қурилиши борасида энг замонавий талаблар асосида иш тутилаётганидан далолатдир. Бугунги кунда Ўзбекистондаги мавжуд 183 минг километрдан зиёд автомобиль йўлининг 42,6 минг километри халқаро, мамлакат ва вилоят аҳамиятига молик умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари экани йўлсозлик кўлами нечоғли кенглигидан далолатдир. 

– Муҳандислик ғояси, лойиҳа ечими билан бошланадиган ва миллионлаб кубметр тупроқни кўчириш, минглаб тонна қум, шағал, асфальт, битум ётқизиш билан якунланадиган, муҳими, ҳар куни минглаб одамлар, автомашиналарнинг узоғини яқин қиладиган йўллар қурилиши жуда катта меҳнат ва харажат талаб қилади, – дейди “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Ҳакимов. – Президентимиз Ислом Каримов томонидан истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ушбу масала оқилона ҳал этилгани бугун ўз самараларини бераётир. Йўл хўжалигини бошқариш тузилмасида аввал мавжуд бўлган кўплаб йўл жамғармалари ўрнига Молия вазирлиги ҳузурида Республика йўл жамғармаси ташкил қилингани умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мамлакатимиз йўлсозлари кўп қаторли транспорт ҳаракати учун мўлжалланган йирик кўприклар, замонавий автомагистралларни қуриш тажрибасини мукаммал ўзлаштирди. Йўл қурилишида “Katerpiller”, “Virtgen”, “Libxerr”, “Xamm”, “Fogele”, “ABG”, “Daynapak”, “Нitachi”, “Komatsu”, “Kato”, “Nissan" сингари хорижий компанияларнинг замонавий йўл қуриш техникаси ҳамда ускуналаридан фойдаланилмоқда. 

Ўтган йиллар мобайнида Тошкент-Андижон-Ўш, Тошкент-Самарқанд-Бухоро, Тошкент-Чимён-Чорвоқ автомобиль йўллари реконструкция қилиниб, биринчи тоифага ўтказилди. Серқатнов йўналишлардан ҳисобланган Самарқанд-Қарши-Термиз ва Бухоро-Нукус-Қўнғирот-Бейнов йўллари кенгайтирилиб, биринчи ва иккинчи тоифа талаблари асосида таъмирланди. 

Кўплаб йўл ўтказгич ва эстакадаларга эга 6-8 полосали 32 километрлик Тошкент кичик халқа йўлининг барпо этилиши пойтахт кўчаларида тирбандликни бартараф этишда муҳим ечим бўлди. Мазкур йўлнинг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан ўтган қисмида, Беруний ва Осиё кўчаларини боғлайдиган, Форобий, Қорасарой, Сағбон, Себзор ва Лабзак кўчаларини ўзаро туташтирган 5,1 километр узунликдаги янги Нурафшон кўчаси бунёд этилгани шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратди. Айниқса, пойтахтимизнинг Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишадиган жойда қурилган эни 26, узунлиги 500 метрли янги кўприк мамлакатимизда йўлсозлик ва кўприксозлик тажрибаси тўла шаклланганидан далолат беради. 

Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент-Қўқон йўналишида амалга оширилган ишлар нафақат йўлсозлар, балки бутун юртимиз аҳлининг фахрига айланди. Тошкентдан Қўқон орқали Андижонга, ундан сўнг Ўш ва Хитойга олиб борувчи ушбу йўл бир вақтлар сўқмоқ йўлдек тор, хавфли эди. Ҳозирги йўлга разм сола туриб беихтиёр қурувчиларга балли, дейсан киши. 

– Хизмат сафари билан тез-тез водийга қатнайман, – дейди пойтахтлик хусусий тадбиркор Аъзамжон Қодиров. – Илгарилари тик тоғ йўлларида кўтарилиш учун кўп куч ва вақт сарфланар, устига-устак ўнқир-чўнқирлар машина техник ҳолатига зарар етказиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг асабини чарчатарди. “Қамчиқ” ва “Резак” туннелларининг қурилиши, довон бўйлаб йўлларнинг кенгайтирилиши ҳамда таъмирланиши натижасида бу кўнгилсизликлар гўё тушга айланди. 

Мамлакатимиз, жумладан, Фарғона водийсида ишлаб чиқариш жадал ривожланаётгани инобатга олиниб, бугунги кунда бу йўл замонавий талаблар асосида қайта барпо этилмоқда. Довонда амалга оширилаётган йўл-қурилиш ишларида цементбетон қоплама ишлатилмоқда. 

Асфальтбетон қопламали йўлларга нисбатан 2,5 баробар камроқ емириладиган, икки баробар узоқ фойдаланиладиган цементбетон қопламали йўлларни барпо этиш бирмунча арзон тушади. Жанубий Корея, Германия, АҚШ, Австралия сингари мамлакатларнинг автомобиль йўллари асосий қисмини шундай йўллар ташкил қилади. Бундай йўлларни қуришда мамлакатимизнинг ўзида зарур хомашё базаси мавжуд. Ўзбек миллий магистралининг 350 километри шундай қоплама асосида бунёд этилмоқда. 
 

Уфққа туташган магистрал


Жиззах ва Самарқанд вилоятлари чегарасида жойлашган Юқори нуқта манзилида тўхтаб йўлларга разм солсангиз, худди уфқ билан туташиб кетгандек таассурот уйғотади. Мазкур йўл Ўзбекистоннинг барча ҳудудини бир-бирига боғлайдиган, кўплаб халқаро транзит йўллари кесишувида жойлашган Ўзбек миллий магистралининг муҳим қисми ҳисобланади. 

15c.jpg 
Ҳозирги кунда мамлакатимизда шимоли-ғарбий томондан Бейнов орқали, жануби-ғарбий томондан Олот орқали, жануб томондан Термиз орқали ва шарқ томондан Андижон орқали қўшни давлатларга чиқадиган Ўзбек миллий автомагистрали 4 йўналишдан иборат бўлиб, унинг узунлиги 2 755 километрни ташкил қилади. 

2009 йилдан буён қурилиши давом этаётган Ўзбек миллий магистрали 2019 йилга бориб тўлиқ якунланади. Натижада Андижондан Қўнғиротгача, Самарқанддан Термизгача бўлган автомобиль йўллари жаҳон стандартлари талабларига мос даражада янгиланиб, мамлакатимизнинг бир четидан бошқа четига 10-12 соатда етиб бориш мумкин бўлади. 

Мазкур магистрал инвестиция муҳитининг яхшиланиши, давлатнинг экспорт, импорт ва транзит юк ташиш имконияти, чет эл инвесторлари ва сайёҳларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ошишига хизмат қилади. 

Ҳа, интеграциялашиш жараёни янги мингйилликнинг асосий белгисига айланган бир даврда замонавий транспорт инфратузилмасини барпо этишга қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида Ўзбекистон яна қадимги Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасига айланди. Мустақилликнинг илк йилларидаёқ Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ривожланишнинг «ўзбек модели» туфайли бу бунёдкорлик ишлари халқимиз фаровонлигининг ошишини ва иқтисодиётимизнинг барқарор суръатларда тараққий этишини таъминламоқда. 

 


Печать 29 Июль 2015 Ўқилди: 2737


Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 

24.09.2018

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

 

Чилонзор туманига келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

515

 

 

468

 

354

 

Ижродаги мурожаатлар

 

67

 

81

 

65

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

448

 

387

 

289

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

27

 

12

 

17

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

Девонхона

(+9989 71) 276-66-74

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 276-90-04

Факс

(+9989 71) 276-90-90

 

Хабар қолдиринг

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар